8 Декабр 2021 йил 298

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги ҳамда “Касбий тайёргарлик” ойлиги муносабати билан Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 31 март кунидаги “Ички ишлар органлари тизимида “Заковат” интеллектуал ўйинларини ташкил этиш тўғрисида”ги 96 сонли буйруғига асосан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги” ҳамда “Касбий тайёргарлик” ойлиги муносабати билан жорий йилнинг 7 декабрь куни Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.

Ушбу “Заковат” ўйинларини ўтказишдан асосий мақсад Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб бориш, бу борада билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш, уларни муносиб равишда рағбатлантириш, шунингдек, ходимларда илмни қадрлаш, билим олишга интилиш каби тушунчаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида зукко, билимдон ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган йигит-қизлар Заковат савол-жавобларида ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Муросасиз, қизғин ўтган Заковат ўйинида Боёвут тумани ИИБнинг зукко ходимлари 1 ўринни, Мирзаобод тумани ИИБ ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни эгалладилар. Ғолиб жамоалар бошқарма бошлиғининг қимматбаҳо совғалари ҳамда китоблар тўплами билан тақдирландилар.

Ташкил этилган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар бундан кейин ҳам давом этиб, ҳар бир ходимни ватанига, халқига ва оиласига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлаб, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч” эканлигини ҳис қилган ҳолда ҳалол хизмат олиб боришини таъминлайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати

Text to speech