6 Декабр 2021 йил 354

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи навбатдаги сайёр қабулини Сирдарё туманида ўтказди. 

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, шу орқали уларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш сектор раҳбарларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг белгиланган режага кўра навбатдаги сайёр қабули  Сирдарё туманидаги “Дўстлик”, “Оқйўл” маҳаллалари аҳолиси учун ўтказилди. Қабул аввалида,  сектор раҳбари  ҳудуддаги ижтимоий масалаларни ўрганишга эътибор қаратди. Қиш мавсумида   аҳоли хонадонларини табиий газ ҳамда   электр энергияси билан таъминлаш узилишлар кузатилмаслиги бўйича туман масъулларига тегишли топшириқлар берилиб, шу асосда чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Қабулга ташриф буюрган ҳар бир фуқарони қийнаётган муаммоси сектор раҳбари томонидан диққат билан эшитилиб, ҳал  қилиниш чоралари кўрилди. Мурожаатларнинг асосий қисми  уй-жой олиш, моддий ёрдам олиш, кредит олиш, Олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган ёшларнинг контракт тўловларини тўлашда амалий ёрдам бериш масалаларидан иборатдир. Эътиборли томони, кун талабидан келиб чиққан ҳолда, жараёнга ёшларни қамраб олишга алоҳида  эътибор қаратилди. Йигит-қизлар   юртимизда  ёшларга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишда қийинчиликларга дуч келаётганлигини билдириш баробарида  сектор раҳбаридан кўмак сўради. Жалол Искандаров ҳам умид илинжида қабулга келган ёшлардан бири. Олий ўқув юртига кира олмагандан сўнг анча вақт бўш юрди. 3-сектор раҳбарининг ташрифи Жалол учун самарали кечиб, ўзи учун мақбул бўлган  жойдан иш топишга мувофиқ бўлди. Умуман олганда, шу каби мурожаатларнинг бир қанчаси  қабулнинг ўзида ҳал этилди. Натижа эса рақамлар шарҳида  аниқроқ бўй кўрсатмоқда. Қабулга ташриф буюрган 42 нафар замондошимиздан 20 нафарининг масаласига ижобий ечим топилди. 6 та масала бўйича соҳа ходимлари томонидан батафсил ҳуқуқий тушунтириш ишлари берилди. Қолган масалаларни Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси ўз назоратига олди. Ушбу масалалар белгиланган вақт давомида ечилиши таъкидланди. Вилоят 3-сектор раҳбарининг фуқаро мурожаатларини ўрганиш борасидаги шу каби сайёр қабуллари ҳудудлар бўйлаб давом этмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech