26 Январ 2023 йил 254

Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 20-январ кунидаги ПҚ-10-сонли Қарори бўйича тарғибот ишлари амалга оширилди.

Жорий йилнинг 25-январ куни Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган хотин-қизлар билан навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Қ.Х.Шерматов, Бошқарма ММИ ва КБТХ бошлиғи ўринбосари маёр Н.Қ.Мамаюсупова ҳамда тизимда хизмат олиб бораётган аёл ходималар, эркин ёлланган ишчи-хизматчилар иштирок этдилар.

Йиғилиш давомида тизимда хизмат олиб бораётган хотин-қизларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 20-январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 10-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, мазкур қарор билан “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси”, “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти тўғрисидаги Низом”, “Ички ишлар органларида кадрлар салоҳияти даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Йўл харитаси”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар”дан иборат Иловалар тасдиқланганлиги айтиб ўтилди.

Қарор орқали кўплаб муаммолар ўз ечимини топганлигини, жумладан, ходимга бола парваришлаш таътили берилганда, уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиб, ички ишлар органлари ихтиёрига олиш ҳамда ушбу лавозимига бошқа ходимни тайинлаш мумкин бўлганлиги, ИИВ тасарруфидаги Даволаш профилактика муассасалари ходимлари эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилаётган ҳар бир имтиёздан тўлақонли фойдаланишлари мумкинлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, Қарор билан тасдиқланган “Йўл харита”да Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар фаоллигини оширишни назарда тутувчи тадбирлар, яъни хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун уларнинг захирасини шакллантириб бориш, кадрлар захирасига киритилган хотин-қизларда раҳбарлик сифатларини шакллантириш чораларини кўриб бориш, хотин-қизларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ўрганиб бориш ва ҳал этишга кўмаклашиш, хотин-қизларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юксалтириш чораларини кўриш каби тадбирлар белгилаб берилганлиги хотин-қизлар эътиборига етказилди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech