8 Январ 2022 йил 468

ПАНДЕМИЯ. Умид ва орзулар қайта уйғонганида

Сабабсиз оқибат бўлмайди! Шу кунларда инсоният бошига тушган оғир синовларнинг ҳам ўз сабаблари бор. XXI асрга келиб “homo sapiens” шундай қудратга эга бўлдики, эндиликда у ўзини ер юзининг якка ҳукмдори сифатида ҳис қила бошлади. Баландлиги бир километрлик бинолар, гипертовушли ракеталар, атом сувости кемалари, Марс сайёрасини ўзлаштиришга тайёргарлик, сунъий ақл, автопилот электромобиллар, квант компьютерлар гўёки унинг қудрати тимсоли эди. Буни қарангки, мана шундай улкан яратувчанликдан боши айланиб қолган одамзодга биргина зарба билан “ҳақир ва ожиз”, углеводород тўқималаридангина иборат жонзот экани эслатиб қўйилди. Ажабо! Унга миллиметрнинг миллиондан бир улуши даражасидаги кичик жонивор қарши чиқди. Қарангки, короновирус деб аталмиш ушбу кичик айни пайтда бемисл қудратга айланган жониворни дунё миқёсидаги барча эвара-чеваралари билан қўшиб тўплашса  битта кичик челак тўлади ёки йўқ!   

Ўз-ўзига чоҳ қазиб

Короновирус-табиатнинг инсондан олаётган интиқоми! Бу фикрга қўшилмасдан илож йўқ. Замонавий Google Erth платформаси “кинолентани тескар айлантириб”, ер юзида сўнгги эллик йилда бўлган ўзгаришларни кўрсатиб беришга қодир. Мақола тайёрлаш асносида мен Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига разм солдим. 1964 йилдан 1990 йилгача Орол денгизи ўн бараварга қисқариб боргани кўз олдимда гавдаланди. Марказий Осиёдаги антропоген саванналар мос равишда ўн бараварга кенгайган. Янги шаҳарлар, қишлоқлар, улкан саноат зоналари пайдо бўлган. Жанубий Америкадаги “ер юзининг ўпкаси” ҳисобланган Амазонка ўрмонлари эса учдан иккига қисқариб, янги плантациялар яратилган. Ер юзидаги 25 фоиз кислородни етказиб бераётган Сибирь ўрмонларидаги ўзгаришлар эса бундан-да даҳшатлироқ. Байкал-амур магистрали қурилиши, тайгалардаги беҳисоб бойликларни ўзлаштириш асносида янги саноат гигантларининг бунёд этилиши, газ, нефть конларининг ўзлаштириши, қўриқ ерлар очиш ва қурилиш учун ўрмонларнинг бешафқат кесилишини шундай кўрсатиб беришга қодир экан, бу Google Erth!

Сўнгги асрда ҳавога чиқарилган ис гази миқдорининг юзларча чандон ортиши атмосферада ўзига хос қатлам ҳосил қилгани, натижада “иссиқхона эффекти” пайдо бўлгани эндликда мактаб ўқувчиларига-да маълум. Натижада ер юзидаги ҳарорат кейинги ўн йилда ўртача икки-уч градусга ортди. Ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик, абадий музликларининг эриши каби табиат ҳалокатлари пайдо бўлди. Google Erth харитасида Арктика ва Антарктика, Гренландиядаги абадий музликларни эришини кузатиш ўта маҳзун кайфият улашади. Айниқса, Антарктидадаги ёши ўн миллион йилга тенг Туэйтс муз қалқонининг эриши шу даражада тезлашганки, ҳайратланмай илож йўқ.  Олимлар ҳисоб-китобига кўра, 1980-йилларда Туэйтс музлиги йилига 40 милллиард тоннагача эриган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 6 бараварга ошиб, 252 миллиард тоннани ташкил этмоқда. Натижада дунё океанининг сатҳи ҳар йили 4 фоизга кўтарилмоқда. Агар у батамом эриб кетадиган бўлса уммон сувлари ярим метрга кўтарилади. Қирғоқ бўйидаги минглаб ороллар, мегаполис шаҳарлар сув остида қолади. Бутун Антарктидадаги музликларни тўсиб турган ўзига хос қалқон йўқолади. Антарктида яшиллик сари юз буради. Бошқа қитаълар эса саҳролашиш сари!

Короновирус ҳам ўша инсоният уруш очган табиатнинг митти аъзоси. У миллион йиллар давомида табиатда яшаб келган. Лекин инсоният унга ҳам тажовуз қилди. У истиқомат қиладиган тоғли ҳудудларни ўз измига бўйсундирди. Тоғларни портлатди. Конларни қазиди. Тоғ ўрмонларини кесди. Ғорларни вайрон қилди. Айниқса кейинги қирқ  йилда ер юзининг энг шиддат билан ривожланган Хитойда бу ҳолат кенг қулоч ёйди. Натижада кўршапалакларнинг нафас органларида “тинчгина тирикчилик қилиб” келган митти вируснинг тинчи бузилди. У бошқа турдошлари сингари қараб турмади. Ўзидаги шароитга мослашиш, тез мутацияга учраш хусусияти орқали яшаш учун курашга киришди. Маълумотларга қараганда короновирус инсон ўпкаси ва организмига мослашиш учун бир неча ўн авлодни ўз ичига олган мутациялашув босқичини босиб ўтган. Ухань ёввойи ҳайвонлар бозоридан бошланган ҳужумнинг асл сабаблари ана шундай.

Табиат занжири узилиб, инсоният занжирбанд қилинганида!

Хитойдан бошланган короновирус эпидемияси пандемияга айланишини кўпчилик кутмаганди. Лекин ЖСТ дарҳол бонг урди: “Инсоният улкан хавф қаршисида турибди”! Минглаб рейслар бекор қилинди. Самолётлар ерга “ўтирди”, кемалар портдан чиқмай қолди. Поездлар, автомобиллар шовқини тинганида, саноат корхоналари дуди осмонга ўрламай қолганида табиат қандай нафас олганини кузатган мутахассислар ҳайратини яшира олмади. Сунъий йўлдош тасвирлари кўл, дарё ва кўрфазлардаги сув бир неча баравар тиниқлашганини, ҳаводаги мусаффолик ортганини қайд қилди. Инсоният эса занжирбанд қилинган эди гўё! Касалхоналар тирбанд бўлиб кетди. Ўликхоналар, қабристонлар зўриқиш билан ишлай бошлади. Биринчи бўлиб Европанинг Италия, Испания каби давлатлари дош бера олмади. Кунлик ўлим даражаси жами касалланганларнинг 15-17 фоизигача чиқиб борди. Короновирус бардам-бақувват гавдалиларни ҳам ётқизиб ташлади. Иммун тизимида янги вирусга қарши курашиш қобилияти йўқлиги, айёр вирус танага киргач 14 кун билдирмай урушга тайёрланиши катта йўқотишларга олиб келди. Уларнинг ортидан Туркия, Эронда эпидемия авж олди.  Пандемия сабаб алоқалар тўхтаган бўлсада, қаттиқ карантин чекловлари қўйилганига қарамай бир неча ойининг ичида вирус кириб бормаган давлат, орол қолмади. Глобалл миқёсда ўзаро боғланиб кетган алоқалар сабаб Тинч ва Атлантика океанининг ўртасидаги киши билмас оролларгача вирус исканжасида қолди. Ҳиндистонда кечган пандемиянинг дастлабки тўлқини минглаб одамларни умрига зомин бўлди. Одамларни кўмишга, ёқишга улгуриб бўлмай қолди. Ганга сувлари тошганида унинг қирғоқларига апил-тапил кўмилган жасадларни оқизгани воқеалари дунё ахборот маконини забт этди.

Дунёнинг етакчи давлати бўлмиш АҚШ кескин карантин тадбирлари қўллашни инкор этди. Одамларни уйида ўтиришга мажбурлаш “Эмэрика ижтимоий қадриятларига тўғри келмайди” деган важ аслида АҚШ иқтисодиётини фалажлашдан сақлаб қолиш мақсадида айтилганини дунё ҳамжамияти кейинроқ тушуниб етди. Натижада АҚШ иқтисодиёти имкон даражасида кам талофат кўришига эришилди. Бошқа томондан иккинчи жаҳон урушида бой берган қурбонлардан-да кўп одамлар ўлими кузатилди. Сўнгги маълумотларга қараганда ҳозирги кунда 53 миллион нафар “Сем” амаки короновирусга чалинган. Қурбонлар сони эса 837 минг нафарни ташкил этган. Дунё миқёсида эса касалланганлар сони 280 миллион нафарни ташкил этиб, 5,5 миллион нафар замондошимиз ҳаётдан кўз юмган. Бу кўрсаткич расмий рўйхатга олинганларни қайд этишини ҳисобга оладиган бўлсак, рақамлар кўлами янада кенгайишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дунё иқтисодиёти эса кейинги юз йилликдаги энг чуқур регрессни бошдан кечира бошлади. 2021 йил охирига келиб миттигина жониворлар дунё иқтисодиётига етти триллион доллар зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилди. Жаҳон ялпи миллий маҳсулоти (ВНП) 4,5 фоизга қисқарди. 2021 йилда АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқида ялпи миллий маҳсулот 10 фоиздан 21- фоизгача тушиши башорат қилинмоқда.

Гарчанд дунё миқёсида вакцинация жараёнлари жуда тез амалга оширилган бўлса ҳам эпидемия тўлқинини тўхтатиш имкони бўлмади.   2021 йил охирида короновирус миллион мартага мутациялашиб, янада яшовчанлигини оширди. У энди инсоният қаршисига “омикрон” деган ном билан қайта юзланди. Вируснинг янги штамми организмдаги иммун тизимни осонлик билан енгиб ўта олиши, вакцина орқали ҳосил қилинган антитаналар уни олдида ожиз бўлиб қолди.  

Янги йил арафасида Дания, Швеция, Италия каби бир қатор Европа давлатлари яна чекловларни жорий этди. Ҳукуматлар дунё миқёсида короновирус пандемиясининг бешинчи тўлқини авж олишидан хавотир олишган. Шу сингари Хитойнинг 13 миллион аҳолига эга Сиань шаҳри ҳам тўлиқ изоляцияга олинди. Карантин тадбирлари янги йилнинг дастлабки ойида Пекинда бўлиб ўтиши кутилаётган қишги олимпиада ўйинлари олдидан эпидемия занжирини узиш учун киритилди.

Короновирус - сиёсий қарама қаршилик воситаси

Эҳ инсоният! Бир тарафда инсониятга қирғин келган, бир тарафда эса ўзининг манфаати йўлида бундан фойдаланиб қолишга уриниш!  АҚШ короновирус пандемиясидан ўзининг жаҳондаги яккаҳокимлигига тобора соя солаётган Хитойга қарши кампания сифатида фойдаланиб қолишга уринди. У ўзининг савдо-иқтисодий шериклари билан вирус Ухандаги лабороториядан тарқалган, Хитой уни олдини олиш учун етарлича чора кўрмаган деган айбловлар билан чиқди. Хитойни дунё миқёсида яккалаб қўйишга навбатдаги кампания бошланди. Ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп “Хитой короновирус эпидемияси учун дунёга товон тўлаши керак” деган даъвони илгари сурди. Аслида эса шу йўл билан Хитой иқтисодиётини бўғиш, унинг савдо алоқалари кўламини пасайтиришга уриниб кўрилди. Қарангки, Хитой бу ахборот хуружидан ҳам чиқиб кета олди. Шу сингари дунёнинг етакчи давлатлари короновирусга қарши вакциналарининг савдосини авж олдирди. Манфаатлар тўқнаш келганида одамларни яққол кўриниб турган ўлимдан асраб қолишни эмас, ўзлариннг фойдаларини қўзлаш ҳолатлари бу ерда ҳам кўзга ташланди. Африка, Осиё, Жанубий Америкадаги миллионлаб одамлар вакцинацияга муҳтож бўлган пайтда Хитой ва Россиянинг вакциналарини рўйхатдан ўтказмаслик, уларни вакциналарини тан олмаслик самарадорлигини шубҳа остига олиш йўлидан борилди. Ҳар бир давлат ўзининг вакцинасини кўпроқ сотиш йўлидан борди. Камбағал давлатларга вакцина етишмаслиги барчани жуда кам ташвишлантирди. Фақатгина пандемиянинг иккинчи йили ўрталарига келибгина ривожланаётган давлатларга вакцина етказиб беришнинг алоҳида дастурлари амалга оширила бошланди.   

Сўнгги сўз ўрнида

Карантиннинг дастлабки кунлари. “Checc.com” интернет платформаси орқали шахмат ўйинаяпман. Навбатдаги рақибим Австралиялик бўлиб чиқди. Уч-тўрт юришдан кейин кутилмаганда рақиб чат орқали алоқага чиқиб қолди. Инглизча сўзлар, одатдагидек танишув. Қандайдир ғалати лаҳжа. Базўр тушунаяпман. У “сизларда короновирус қандай кечаяпти?” деб сўраб қолди. Мен карантин чекловлари ўрнатилганини айтдим. У афсуски касаллик унинг хотини, қизини ҳаётдан олиб кетганини, ҳозир тушкун аҳволдалигини айтди. Он-лайн шахмат платформасига у ёниб кетаётган юрак-бағрининг ҳовури босиш илинжида, бир ҳамдард топиш умидида кирган экан. Карахт бўлиб қолдим. Унга хотини ва фарзанди билан видолашиш имкони ҳам берилмабди. Шу тариқа короновирус менга узоқ Австралиядан туриб мудҳиш саломини йўллади. Кейин эса ёнгинамдаги барваста қўшним оламдан ўтди. Онам касалхонага тушди. Кўзимда ёш билан касалхона эшигида мўлтираб ўтирганларимни эсласам, юрагим орқага ториб кетади. Онам тузалгач, оиламиз билан иситма тутиб ётиб қолдик.  Бу орада маҳалладаги ўндан ортиқ инсон короновирус сабаб ҳаёт билан видолашди. Узоқ кутилган вакциналаш амалиёти жорий қилингач, биринчилардан бўлиб эмландик. Ҳукуматимизнинг вакциналаш бўйича кўрсатган улкан хизматлари натижасида маҳалламизга яна одатдаги турмуш тарзи қайтди. Лекин бундан чиқарилган сабоқлар эса бутун умрга татигулик!

 Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

Журналист

Text to speech