11 Январ 2021 йил 448

“Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша! ” шиори остида ИИВ Сирдарё академик лицейида тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги  ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5614-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 18 декабрь кунидан 2021 йилнинг 18 январь кунига қадар мамлакатимиз ёшларини жалб қилган ҳолда юртимиз бўйлаб турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида 2021 йилнинг 11 январь куни ИИВ Сирдарё академик лицейида бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник И.Ахмедов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Сирдарё вилояти бўйича махсус отряди гуруҳ командири подполковник О.Мустафоқулов, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли 2114-ҳарбий қисмнинг тарбиявий ишлар бўйича командир ўринбосари майор Б.Абдувалиев, туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Б.Норқулов, Сирдарё туман фахрий жангчилар бўлими фахрийлари, Ёшлар Иттифоқи Сирдарё тумани кенгаши етакчиси Ж.Ботиров, Сирдарё туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби вакиллари, лицей жамоаси ҳамда ўқувчилари, шунингдек келажакда мазкур лицейда ўқиш истагини билдирган умумтаълим мактабларининг ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник И.Ахмедов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни байрами билан қутлади. Шунингдек, бу каби тадбирлар “Очиқ эшиклар куни” доирасида лицейга ташриф буюрган ўқувчи ёшларнинг Ички ишлар органлари соҳасига бўлган қизиқишларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги подполковник Ў.Болтабоев томонидан бундай кенг қамровли тадбирларни ўтказиш ёшларнинг онгу тафаккурида Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканлигини, миллий армиямиз билан фахрланиш, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғусини чуқур сингдиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Тадбирда сўз олган ИИВ Сирдарё академик лицейи директори майор Ғ.Абдуллаев томонидан юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, фуқароларимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлиги, “уч авлод” вакиллари иштирок этаётган бундай тадбирлар буюк келажагимиз бўлмиш ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда долзарблиги қайд этилди.

Лицей стадионида бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар органлари Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг ҳамда ИИВ Сирдарё академик лицейи ўқувчиларидан иборат “Алпомиш издошлари” ҳамда “Барчиной издошлари” гуруҳлари томонидан намойиш қилинган жанговар саҳна чиқишлари ёшлар қалбларида ўзгача ғурур ҳамда ифтихор ҳисларини уйғотди. 

ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Сирдарё вилояти бўйича махсус отряди ходимлари томонидан портловчи моддаларни зарарсизлантириш ва аниқлашда қўлланиладиган махсус техникалар имкониятлари намойиш этилиб, ўқувчи ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил маълумотлар берилди.

Сирдарё туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчи ёшлари томонидан намойиш қилинган “Ўзбек жанг санъати” ва “Таэквондо ИТФ” йўналишида саҳналаштирилган жанговар чиқишлар барча тўпланганлар кайфиятига янада кўтаринки руҳ бахш этди.

Шундан сўнг, ички ишлар органлари ва Мудофаа вазирлиги тизими кинология хизматлари ходимлари томонидан оғир ва ўта оғир ҳамда шахсга қарши жиноятларни фош этиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандлик воситалари, портловчи моддалар, қурол ва ўқ-дориларни аниқлашда фойдаланиладиган хизмат итларининг чиқишлари ёшлар онгида бир умрлик таассурот сифатида муҳрланди.

Ички ишлар органлари ҳамда Мудофаа вазирлиги тизимидаги куч воситалари, ҳарбий техникалар, замонавий қурол-аслаҳаларни ўз қўллари билан ушлаб кўриб тактик-техник хусусиятлари билан яқиндан танишиб, қурол-аслаҳа билан ишлашда дастлабки кўникмаларни шакллантириш имконига эга бўлган ёшлар келгусида Ватан тинчлиги ва унинг чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир мард, эр йигит бурчи эканлигини руҳан англади десак, асло муболаға бўлмайди.

Тадбир доирасида 487 нафар лицей ўқувчиларидан ташқари келажакда мазкур лицейда ўқиш истагини билдирган умумтаълим мактабларининг ўқувчиларидан ташкил топган тумандаги 100 нафардан ортиқ уюшмаган ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” ҳам ташкил этилиб, уларга лицейга ҳужжат топшириш тартиби ва муддатлари, номзодлардан олинадиган синовлар ва лицейда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил тушунча берилди. 

Тадбир сўнгида Президентимиз томонидан олға сурилган беш ташаббуснинг бири ижросини амалдаги ифодаси сифатида тумандаги китоб савдоси билан шуғулланувчи етакчи тадбиркорлик вакиллари томонидан китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Ўқувчи ёшлар ўзларига маъқул келган энг янги ва зарур бадиий ҳамда илмий адабиётларни шу ернинг ўзида харид қилиш имконига эга бўлдилар.

 

Text to speech