22 Декабр 2021 йил 363

Боёвут туманида фуқаролик паспортлари тантанали топширилди

Узоқ йиллар давомида мамлакатимизда яшаб, расмий равишда фуқароликка эга бўла олмаган қанчадан-қанча шахсларга давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси мақоми берилаётганлиги нафақат мамлакатимиз миқёсида, шу билан биргаликда халқаро ҳамжамият томонидан ҳам демократик принципларнинг ифодаси сифатида юксак эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 март кунидаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги янги таҳрирдаги 610-сонли қонуни талаблари асосида Сирдарё вилоятида «Ўзбекистон Республикаси фуқароси» деб тан олинган бир гуруҳ юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ходимлари ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбарияти иштирокида фуқаролик паспортлари тантанали топширилди.

Жумладан 1997 йилда Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига доимий яшаш мақсадида келиб, ҳозирги кунда Сирдарё вилояти, Боёвут туманида истиқомат қилиб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахс Бердикулова Сайёрахон Алламуратовна ҳамда унинг 2 нафар фарзандларига ўрнатилган тартибда фуқаролик ИД-карталари тақдим этилди.

Ички ишлар органлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати раҳбариятининг фуқаролик паспортлари ва байрамона гулдасталарни қабул қилиб олган юртдошларимиз ўзларини чинакам Ватан ҳимоясида эканликларини айтиб ўтишди.

25 йилдан буён тўлақонли фуқароликка эришиш илинжида яшаган ушбу юртдошларимизнинг чексиз ҳаяжон ва қувончлари билан тантанали тадбир унутилмас онларга бой бўлди.

Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech